Aфғонистон президенти Aшраф Ғани истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзгани маълум бўлди. Бу ҳақда бир нечта манбаларга асосланган ҳолда «Sputnik Aфғонистон» хабар берди

Фото: «Al-Jazeera»

Маълум қилинишича, вазият ҳақида афғонистонлик бир қатор журналистлар ижтимоий тармоқларда ёзган. Уларда ариза исталган вақтда эълон қилиниши мумкинлиги таъкидланган.

Маълумотларга кўра, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб ҳам ўз лавозимидан четлаштирилган. Президентнинг истеъфосига эса фақат вице-президент Aмрулла Солиҳ қарши эканлиги айтилмоқда.

Маълумот ўрнида, Афғонистон президенти Ашраф Ғани тез орада ички сиёсий вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, мамлакатни тарк этиши мумкинлиги хабар берилган.  

«8am.af» нашрининг билдиришича, президент яқин бир соат ичида мамлакатдаги вазият юзасидан баёнот билан чиқади.

Аввалроқ Афғонистон президенти мамлакатдаги вазиятни ўзгартириш учун режаси борлигини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатини ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблаган.