Aфғонистон президенти Тожикистонга учиб кетгани маълум қилинди. Бу ҳақда Aфғонистон президенти ҳукумати расмийси Сажад Нуристонийга таяниб, «Азия-Плюс» хабар берди.

Фото: «Getty Images»
Маълум қилинишича, Aшраф Ғанига унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб ва   маъмурият раҳбари Фазл Маҳмуд Фазли ҳамроҳлик қилмоқда. Тожикистондан кейин Ғани «учинчи мамлакатга» учиши керак, лекин қайси давлатга экани ҳозирча номаълум.
Таъкидланишича, Ғани Тожикистонга кетишидан олдин хавфсизлик идоралари ходимлари билан телефон орқали Кобул аҳолисининг хавфсизлиги бўйича суҳбат қилган ҳамда хавфсизлик кучларини барча фуқароларнинг ҳимоясини таъминлашга чақирган.

«Мен хавфсизлик кучларига барча ватандошларимизнинг хавфсизлигини таъминлашга буйруқ бердим. Бу бизнинг бурчимиз ва биз буни энг яхши усулда қиламиз. Вайронагарчилик ёки талон-торож қилишни ўйлайдиган ҳар кимга қарши куч қўлланилади», — деган Aфғонистон президенти.

Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда Aфғонистондаги вазият «Толибон» ҳаракатининг йирик шаҳарларига ҳужуми билан кескинлашди. 15 август, якшанба куни «Толибон» Aфғонистондаги барча чегара пунктларини назорат қилаётгани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ «Толибон» ҳукумат билан тинч йўл орқали Кобулга кириш имкони борасида музокаралар олиб бораётганини ва ўтиш жараёни тугагунга қадар Aфғонистон ҳукумати Кобул хавфсизлиги учун жавобгар бўлишини айтган. ОAВ маълумотларига кўра, Ғани якшанба куни ўз лавозимидан кетмоқчи.

Аввалроқ БМТ Aфғонистонга қўшни давлатларни чегараларни ёпмасликка чақирганди. Шунингдек, 14 август куни 84 нафар афғон ҳарбийси Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтганди.