Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан чегарадаги вазият бўйича қўшимча маълумот берди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Термиз–Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазият юзасидан қўшимча баёнот берди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили маълум қилди.

Қайд этилишича, 15 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшаган. Хусусан, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган.
«Бунга фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилди», — дейилади баёнотда.
Аввалроқ Aфғонистон Қуролли Кучларининг 84 нафар ҳарбий хизматчи гуруҳи давлат чегарасини кесиб ўтган ва улар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара отрядлари томонидан ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Маршал Дўстум Ўзбекистонга қочиб ўтгани айтилгани маълум қилинган.



