Интервьюлар - 18:32 · 16.08.2021

Ўзбекистонда бир дарахтни ноқонуний кесган фуқаро 100 туп кўчат экади — Экоқўмита

АОКАда 16 август куни бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов Ўзбекистонда ноқонуний равишда дарахт кесган фуқароларга нисбатан кўриладиган чора ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, қонуний равишда битта дарахт кесиладиган бўлса, ўрнига қимматлиги жиҳатидан ундан кам бўлмаган 10 та дарахт экилиши ва 2 йил парваришлаб берилиши керак бўлади. Агарда дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланса, унинг ўрнига қиймати жиҳатдан бир турдаги 100 та дарахт экиб бериш ва уларни 3 йил парвариш қилиб бериш кераклиги мажбурияти белгиланган.

Таъкидланишича, жарима сифатида янги экиладиган дарахтлар учун ҳудудларда махсус майдонлар ажратилмоқда. Уларнинг назорати Экология қўмитаси, ободонлаштириш бошқармалари, маҳалла мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари томонидан амалга оширилади.

«Ҳозирда вилоятларда жарима сифатида дарахт экиш учун 50 гектардан жой ажратилмоқда. Ўша ҳудудга экилгандан кейин сув қуювчиси ҳам, парвариш қилувчи ҳам тайинланади. Уни Давлат экология қўмитаси назорат қилади», — деди Экоқўмита вакили.

Аввалроқ Ўзбекистонда ярим йил ичида ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммаси маълум қилинганди ва Ўзбекистонда 7 ойда энг кўп қайси ҳудудда ноқонуний дарахт кесилгани ҳақида айтилганди.