Россия Федерал хавфсизлик хизмати Иккинчи жаҳон урушига оид махфий ҳужжатлардан бирини очиқлади
Япониянинг 1944 йилда бактериологик бомба ишлатишни режалаштиргани маълум бўлди. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизматига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, очиқланган маълумотларда 1945 йилдан 1949 йил декабргача Квантун армиясининг охирги бош қўмондони Отозо Ямада билан боғлиқ Хабаровск судида бўлиб ўтган сўроқ протоколлари ҳам бор. Ямада 1938 йил январда Совет Иттифоқи чегарасида Манжурияда жойлашган 3-армия қўмондони этиб тайинланган, 1944 йилдан эса Квантунг армияси бош қўмондони бўлган.
Хабар қилинишича, айнан унинг бош қўмондонлиги даврида «ISII тизими» номли бактериологик қуролдан фойдаланиш бўйича топшириқ берилган.
«Бу топшириқ мен томондан маъқулланган», — дея очиқлаган Ямада Хабаровск судида бўлиб ўтган сўроқ жараёнида.
Маълумотларга кўра, ушбу бактериологик бомба микробиолог, Квантун армиясининг 731-махсус бўлинмаси бошлиғи генерал-лейтенант Сиро Исии шарафига номланган. У корейс, хитой ва совет ҳарбий асирлари устида биологик тажрибалар ўтказган ва бактериологик қуролдан энг самарали фойдаланиш имкониятини кўрсатадиган махсус бомба ихтиро қилган. Бу бомбанинг асосий хусусияти шундаки, унинг ичида вабо тарқатувчи бургалар билан тўла керамик қути бўлган. Бомба ер юзасидан 50–100 метр баландликда портлаб, ҳудуднинг энг кенг ифлосланишини таъминлаши кўзда тутилган.
Аввалроқ СССР парчалангач, Қозоғистонга ядро қуроли бўйича таклиф берилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Путин СССР ва Германиянинг II жаҳон урушидаги мақсадини тенглаштиришни тақиқлаган.