Интервьюлар - 18:07 · 16.08.2021

Тошкент ҳудудида мевали дарахтлар сони кўпайтирилади

АОКАда 16 август куни бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов Тошкентда мевали дарахтлар экилишига урғу берилиши ҳақида «Bugun.uz» мухбирига маълумот берди.

Маълум қилинишича, Экология қўмитаси шаҳар ичида мевали дарахтлар кўпайтирилиши учун ташвиқот ишларини бошлаган. Ҳозирда аҳолининг эътиборини шаҳар ҳудудида узум (ток) дарахтларини экишга қаратилаётгани маълум қилинди.

«Тавсия бераётганда мевали дарахтларга урғу беряпмиз. Биринчи навбатда бу узум. Узум токлари олдиндан аҳолимиз томонидан ҳовлиларда ҳам кўп қаватли уй ‘подъезд’ киравериш қисмларида ҳам парвариш қилинарди. Республика бўйлаб ҳозирда био хилма-хилликни сақлаш, дарахтларни асраб қолиш бўйича иш олиб борилмоқда», — деди Озод Ражабов.

Шунингдек мутахассис, шаҳар иқлим шароитига мос келмайдиган игнабаргли дарахтларни экиш қанчалик тўғрилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Бундан 7–8, 10 йиллар олдин ландшафт дизайнига эътибор кучайиб кетди. Ўша вақтда билиб-билмасдан ҳамма ерга игнабаргли дарахтлар экила бошлади ва бу ҳозир ҳам айрим ҳудудларда давом этмоқда, лекин ободонлаштириш бошқармаларига бошқача топшириқ беряпмиз», — деди мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда 7 ойда энг кўп қайси ҳудудда ноқонуний дарахт кесилгани маълум бўлганди ва Ўзбекистонда ярим йил ичида ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммаси маълум қилинганди. 

Bugun — LIVE