Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳамда маршал Абдул Рашид Дўстумнинг Ўзбекистонда экани расман рад этилди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.

Foto: «Sempikt.blogspot.com»

Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон этник гуруҳларининг айрим шахслари ва етакчилари сусусан, Ашраф Ғани, Абдурашид Дўстум, Ато Муҳаммад Нур ва бошқаларнинг борлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Расмий маълумотларга кўра, бундай маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

Маълумот ўрнида, аввалроқ «Bugun.uz» манбаси маршалнинг аҳволи ва унинг қаерда экани ҳақида хабар берганди. Шунингдек, Афғонистонни 15 август куни тарк этган президент Ашраф Ғанининг қаерда экани маълум бўлганди. Айтилишича, дастлаб истеъфога чиқиши, шунингдек, ҳукуматни тинч йўл билан топширишини айтган давлат раҳбари айни пайтда Уммон Султонлигида.

«Мендаги маълумотларга кўра, президент Уммонда», — дея маълум қилган манба Уммон расмийларининг буни тан олмаслигини қўшимча қилган ҳолда.

Маълумот учун, Aфғонистон президенти ҳокимиятдан воз кечиши кутилаётгани ва Aфғонистонда ҳокимиятни ўтказиш 15 август куни Кобулдаги президент саройида бўлиб ўтиши маълум қилинганди. Шунингдек, Афғонистон президенти халқига мурожаат қилгани хабар берилган. Унда Ашраф Ғани афғонлар ўлими, охирги 20 йил ичидаги ютуқларнинг йўқотилиши, давлат мулкининг йўқ қилинишига ва беқарорликка йўл қўймаслигини қўшимча қилганди.