Фарғона туманидаги оилаларнинг бири 6 нафар чин етим болани фарзандликка олди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, туманнинг Чекшўра маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Валиевлар оиласи Марғилон шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйидан тегишли тартибда 6 нафар болани тарбияга олиш бўйича мурожаат қилган.

Оила уч йилдан бери фарзанд асраб олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиб, натижа ололмаган. Шундан сўнг улар муаммо бўйича Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси бошлиғига  мурожаат қилган. Таъкидланишича, улар 6 нафар чин етим болани фарзандликка олган.

Қайд этилишича, болалар уйида тарбияланганларнинг барча имтиёзлари сақланиб қолади. Улар вояга етгач, давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим шахсларга фарзандликка олиш тақиқланиши мумкинлиги хабар қилинган. Шунингдек, Сенат раиси Ўзбекистонда бола асраб олишдаги муаммолар ҳақида гапирган.