14:58 | 17.08.21 272

Навоийда «Nexia» йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилди — видео

Оқибатда ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчи ҳалок бўлган

Навоий вилояти Нурота туманида «Nexia» йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @yhxbb_uz

Маълум қилинишича, Нурота марказига ҳаракатланаётган «Nexia» ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабабли йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Оқибатда ҳайдовчи ва олд ўриндиқда ўтирган йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, ҳалокат содир бўлган йўл ўрганилиб, унда йўл белгилари ва йўналтирув устунчалари ўрнатилгани, ётиқ чизиқлар чизилгани, йўл қопламасида камчилик йўқлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда «Cobalt» ағдарилиб кетгани, Тошкентда «Nexia-3» билан тўқнашган «Matiz» ағдарилгани ва Андижонда 16 ёшли йигит бошқарувида бўлган «Matiz» ағдарилиб кетгани хабар қилинган.