13:08 | 17.08.21 61

Президент 5 ойда мансабдорлар давлатга қанча зарар етказганини очиқлади

Бу даврда 1723 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган

Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида 5 ойда мансабдорлар давлатга қанча зарар етказганини очиқлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 5 ойида мансабдорлар давлатга 450 миллиард сўм зарар етказган. Шу билан бирга, 1723 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган.

«Масалан, кейинги йилларда туб ислоҳотлар даврига қадам қўйган мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлган иллат — коррупцияга қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар 500 миллиард сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилган. Етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент коррупцияга қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирган.

«Ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Президент айрим раҳбарларнинг кўзбўямачиликлари ҳақида гапирганди. Шунингдек, Афғонистондаги кескинлашаётган вазият тўғрисида фикр билдирган.