Янгиликлар - 12:58 · 17.08.2021

Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги вазият юзасидан яна баёнот берди

Ўзбекистон тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати расмийлари билан яқин алоқада бўлиб турибди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келиши ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратиши айтилган.

Ўзбекистон томони Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашга ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқ қолиши маълум қилинган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда.

Қайд этилишича, мамлакат чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилиши таъкидланган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Термиз–Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазият юзасидан қўшимча баёнот берганди. Шунингдек, Aфғонистон Қуролли Кучларининг 84 нафар ҳарбий хизматчи гуруҳи давлат чегарасини кесиб ўтгани ҳамда улар Давлат хавфсизлик хизмати чегара отрядлари томонидан ушлангани маълум қилинган.

Bugun — LIVE