Интервьюлар - 16:33 · 18.08.2021

«79 давлатдан 310 иштирокчи орасида биринчи ўринни олдим» — халқаро фан олимпиадаси ғолиби билан суҳбат

Тошкент шаҳрида 17 август куни Президентнинг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорлари 122 миллион 500 минг сўмгача миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Нашр, хусусан, Япония томонидан ташкиллаштирилган халқаро кимё олимпиадаси ғолиби Собир Омонов билан суҳбатлашди. Олтин медаль соҳиби мусобақа ва унга тайёргарлик жараёнлари ва келажакдаги режалари ҳақида айтиб ўтди.

«Сирдарёда туғилганман, ҳозир Тошкентда тураман. Тайёргарлик жараёнларида Халқ таълими вазирлиги қошидаги олимпиада департаменти саралаш босқичларига жиддий ёндашилди ва ўқувчилар ўзларини яхшироқ кўрсатишига йўл очиб берилди. Келажакда кимё-фармацевтика соҳасида ривожланиш учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

53-халқаро кимё олимпиадаси Япония давлати томонидан ташкил этилди. Унда дунёнинг 79 давлатидан 310 нафар иштирокчи қатнашди. Биринчи қатнашган мусобақамда бронза, иккинчисида кумуш медаль олган эдим. Устозларимиз билан олдинги олимпиадаларимда йўл қўйган камчиликларим устида ишладик ва бу йилги халқаро олимпиадада биринчи олтин медалим бу», — деди Олимпиада ғолиби.

Шунингдек, кимё олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлган Фирдавс Собировнинг онаси ўғлининг мусобоқаларга тайёрланиш жараёни, қийинчиликлари ва бошқа ота-оналарга маслаҳатларини айтиб ўтди.

«35-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Ўғлим Собиров Фирдавс охирги икки йилда битта олтин, битта бронза, жаҳон олимпиадасида иккита бронза медалларини қўлга киритди. Онажонларга маслаҳатим, фарзандлари ўқишига шароит қилиб беришса, бу натижасиз қолмайди. Ўғлим тўрт марта медаль олди, ҳар сафар ҳаяжон жуда кучли бўлган, бу сафар ҳам натижаларни кутиш жараёни жуда ҳаяжонли бўлди.

Энди ўғлим шу натижалари туфайли ўзи истаган олийгоҳга кириш ҳуқуқи бор. Мен кечалари ўғлимга илтимос қилардим: Дам ол, ухла, деб. Лекин ўғлим ўзи хоҳлаб ўқишда давом этарди. Ўғлим Президентимиз ташаббуси билан очилаётган Янги Ўзбекистон университетида ўқимоқчи. Нияти 25 ёшида академик бўлиб, жаҳон рекордини қўйиш», — деди олимпиада совриндорининг онаси.
 
Аввалроқ халқаро математика мусобақасида совриндор бўлган ўзбекистонлик талабалар тақдирлангани ва ўзбекистонлик спорт олимпиадаси совриндорларининг мураббийларига қанча мукофот пули берилиши маълум бўлганди.

Bugun — LIVE