Афғонистондан қочган президент Ашраф Ғанининг мамлакат ғазнасидан қанча пул ўғирлагани маълум қилинди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбарга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, элчи давлат раҳбари ғазнадан 169 миллион доллар олганини айтиб, унинг мамлакатдан қочишини «давлат ва миллатга хиёнат» деб атаган. 

Қайд этилишича, элчи айни пайтда Афғонистон раҳбари сифатида вице-президенти Амрулла Солиҳни тан олишини қўшимча қилган. 

«Мамлакат конституциясига мувофиқ президент йўқлигида, қочиши ёки ўлими билан боғлиқ ҳолатларда вице-президент унинг ўрнини эгаллайди, шунинг учун Амрулла Солиҳ ҳозир давлат бошлиғи», — дея таъкидлаган элчи.

Маълумот учун, Aфғонистон президенти ҳокимиятдан воз кечиши кутилаётгани ва Aфғонистонда ҳокимиятни ўтказиш 15 август куни Кобулдаги президент саройида бўлиб ўтиши маълум қилинганди. Шунингдек, Афғонистон президенти халқига мурожаат қилгани хабар берилган. Унда Ашраф Ғани афғонлар ўлими, охирги 20 йил ичидаги ютуқларнинг йўқотилиши, давлат мулкининг йўқ қилинишига ва беқарорликка йўл қўймаслигини қўшимча қилганди. 

Аввалроқ Афғонистон президенти Тожикистонга учиб кетгани айтилаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, Aфғонистон президенти истеъфога чиқишга рози бўлгани айтилган. Ҳамда «Толибон» ҳаракати Aфғонистонда Ислом амирлиги ташкил этилганини эълон қилмоқчилиги хақида хабар берилган.