Янгиликлар - 10:27 · 18.08.2021

Бухорода уйида фоҳишахона ташкил қилган 65 ёшли эркак ушланди

Бухоро вилояти Жондор туманида уйида фоҳишахона ташкил қилган 65 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Жондор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олинган маълумотлар асосида тезкор тадбир ўтказилган. Унда туманнинг Навгади маҳалласида яшовчи 65 ёшли Х.О. исмли эркак уйида И.Ж. ва У.С.нинг жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бергани аниқланган.

Таъкидланишича, у бунинг эвазига 50 000 сўм олган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Х.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода уйида фоҳишахона ташкил қилган 60 ёшли аёл қўлга олингани хабар қилинган. Шунингдек, Бухорода чўл ҳудудида фоҳишахона ташкил қилган 40 ёшли аёл қўлга олингани маълум қилинган.