Ўзбекистон ОТМларида янги ўқув йили анъанавий тартибда бошланадими?
Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йили анъанавий (офлайн) тарзда бошланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га изоҳ берди.

Вазирлик хабарида келтирилишича, айни кунларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларининг пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда таълим жараёнини анъанавий (офлайн) тарзда ташкил этиш бўйича тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда.
Ўрганишлар натижасига кўра, тегишли маълумотлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан якуний хулоса тасдиқлангандан сўнг вазирлик сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали расмий тарзда эълон қилинади.
«Шу ўринда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини, уларнинг ота-оналари ҳам фарзандлари соғлиғига масъулият билан қарашлари ва албатта, вакцинация жараёнига фаол иштирок этишларини сўраб қолади», дейилади хабарда.
Шунингдек, вазирлик эмлаш талабаларнинг яхши билим олишлари билан бир қаторда, ўзлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳам соғ-саломат бўлишини таъминлашини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили гибрид тарзда бошланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қанча талабанинг контракт пули тўлаб берилгани ҳақида хабар берилганди.