Қашқадарёда ўлдириб кетилган спортчи иши бўйича тафсилотлар очиқланди — фото
Маълум бўлишича, жиноятда гумонланаётган йигитлар қўлга олинган
Қашқадарё вилоятида спорт устаси Элбек Раҳимов ўз уйида ўлдириб кетилгани хабар қилинганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 17 август куни соат 10:00 атрофида Қарши шаҳрида яшовчи Э.Р.ни кўп қаватли уйидан чиқишини 7 нафар шахс кутиб турган. У уйидан чиққач совуқ қуроллар билан қуролланган шахслар спортчининг бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказган. Шундан сўнг улар спортчини «Gentra» автомашинасига мажбуран миндириб, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, ташлаб кетган.


Оқибатда Э.Р. кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Тезкор қидирув суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида жиноятга алоқадор Қарши шаҳри ва туманида яшовчи фуқаролар Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ушланган.


Ҳолат юзасидан шаҳар прокурори томонидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «л,п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда ҳимоячи билан таъминланиб, Жиноят–процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.


Аввалроқ Қашқадарёда 25 ёшли йигит ўлдириб кетилгани ва Андижонда қўшнисини ўлдириб, ҳовлисига кўмган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.