Янгиликлар - 11:49 · 18.08.2021

«Толибон» ҳаракати сиёсатининг асосий йўналишлари маълум қилинди

Афғонистоннинг бутун ҳудуди эгаллаб олинганини эълон қилган «Толибон» ҳаракати ҳар бир миллатнинг эркинлиги ва мустақиллигини, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишни, умумий амнистияни, хусусий оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини кафолатлаганини эълон қилди. Бу ҳақда «Толибон» матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, «Al-Jazeera» хабар берди.

Фото: «Washington Post»

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, ҳаракатнинг сиёсий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади.

  • Ҳар бир халқ эркинлик ва мустақиллик ҳуқуқига эга.
  • Ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга, жумладан, қўшни давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат берилмайди.
  • Аёлларнинг ҳуқуқлари (шу жумладан, таълим) шариат доирасида ҳимоя қилинади.
  • «Толибон» ҳаракати қасос олмоқчи эмас ва ҳатто собиқ тузум ёки хорижий кучлар учун ишлаганларни ҳам кечирмоқчи.
  • Хусусий оммавий ахборот воситалари «мустақил қолиши» керак, лекин «миллий қадриятларга қарши ишламаслиги» зарур.
  • Бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатлар давом этади, Афғонистонга на мамлакат ичида, на чет элда душманлар керак.
  • Чет эл фуқароларининг Афғонистондаги хавфсизлиги кафолатланган.
  • Табиий ресурслар мамлакатни «қайта қуриш ва гуллаб-яшнаши» учун ишлатилади.
  • Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдосига барҳам берилади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги вазият охирги ҳафталарда «Толибон» ҳаракатининг бутун ҳудуд бўйлаб тезкор ҳужум уюштирганида янада оғирлашди. Айни пайтда уларнинг назорати остида бўлмаган ягона вилоят Кобулнинг шимоли-шарқидаги Панжшер ҳисобланади. «Толибон» ҳаракати 15 август куни пойтахтга кириб, президент саройини назоратга олган. Афғонистон президенти Ашраф Ғани «қон тўкилишининг олдини олиш учун» мамлакатни тарк этган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати мактабларда ўғил ва қиз болалар учун алоҳида синфлар бўлишини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати вакили аёл бошловчига интервью берган.