Афғонистондан қочиб кетган мамлакат президенти Ашраф Ғани афғон халқига видеомурожаат қилди. У мурожаатини ўзининг Facebook саҳифасига жойлади.

Фото: Facebook.com/ ashrafghani

Сиёсатчининг айтишича, у Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб, Кобулдан кетаётганида ўзи билан пул олиб кетмаган.

«Мен сизга Кобул қулаган куни нима бўлганини батафсил кейин айтиб бераман. Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлдим, чунки мен Кобулда қон тўкилишига сабабчи бўлишни хоҳламадим. Кобулдан пул билан кетганим ҳақидаги айбловлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ёлғон, мен бир кўйлак, салла ва пойабзал билан мамлакатни тарк этдим ва битта сумкада бир нечта китобни олиб кетдим», — деган Ашраф Ғани ва тез орада Афғонистонга қайтишини ваъда қилган.

Шунингдек, у «Толибон» ҳаракати вакиллари Кобулга кирмасликка ваъда берганини, лекин президент саройини олдиндан ўраб олганини таъкидлаган. Афғонистоннинг собиқ раҳбари ўз ватандошларини ўз халқини сотгани ва ўз нажоти учун қочгани ҳақидаги даъволарга ишонмасликка чақирган.

«Агар кимдир сизга президент сизни ўз молиявий манфаатлари учун ва ўз жонини сақлаб қолиш учун сотган, деса, ишонманг», — деган Ғани.

Шу билан бирга, у Афғонистонда унга қарши фитна уюштирилганини айтган.

«Хавфсизлик кучлари ходимлари менга фитна борлигини айтди. Мен 15 август, якшанба куни офисимда одатдагидек ишладим. Тушлик пайти Кобулдаги вазиятни баҳолаш учун Мудофаа вазирлигига бордим. Тўсатдан менинг қўриқчиларим катта фитнанинг олдини олиш ва мени ташқарига чиқариш учун келди», — деган у.

Ўз навбатида, АҚШ давлат котибининг ўринбосари Уэнди Шерман Ашраф Ғанининг афғон халқига қилган мурожаатига изоҳ берар экан, Афғонистоннинг қочоқ президенти энди ўз мамлакатининг сиёсий арбоби эмаслигини айтган.

Аввалроқ БАА Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг оиласи мамлакатда эканини тасдиқлаган эди. Шунингдек, Ғани мамлакатдан қочар экан, давлат хазинасидан 169 миллион доллар ўғирлагани айтилган.