Ўзбекистонда Президент гранти учун даъвогар абитуриентлар рўйхати эълон қилинди
Уларнинг энг кўп қисми қайси олийгоҳга топширгани маълум бўлди
Давлат тест марказининг мандат сайтидаги рўйхатда Президент гранти учун даъвогарлик қиладиган абитуриентлар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, 185,85 баллдан юқори кўрсаткичга эришган 233 нафар абитуриент Президент грантига даъвогарлик қилади. Бунда 200-ўриндаги абитуриент билан бир хил балл тўплаган барча абитуриентлар грантга даъвогарлик қила олади. Натижаларга кўра, 185-ўриндан 233-ўрингача абитуриентлар бир хил 185,85 балл тўплаган, шу сабабли барчаси Президент грантига даъвогар ҳисобланади.
Шунингдек, республика бўйлаб жами 75 нафар абитуриент энг максимал — 189 балл тўплаган. Таъкидланишича, Президент грантини олганлар контрактга кирган бўлса ҳам давлат гранти асосида ўқийди. Грантга даъвогарлик қилаётган абитуриентларнинг 73 нафари Тошкент давлат юридик университетига тўғри келади.
Маълумот ўрнида, бу натижалар коронавирусга чалинган ёки тест куни иситмаси юқори бўлган абитуриентлар учун ўтадиган қўшимча тест синовларидан кейин ўзгариши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда талабалар учун Президент гранти жорий этилгани ва нодавлат олийгоҳларга 500 та давлат гранти ажратилиши хабар қилинган.