Сўнгги йилларда ўзбек блогосфераси том маънода ривожланди. Бир қанча янги номлар пайдо бўлди, ўткир танқидлару чуқур таҳлиллар қилиб борувчи блогерлар кўпайди. Уларнинг даражаси, обуначилари сони баъзи онлайн нашрларнинг кузатувчиларидан-да кўпайиб кетди. Бунда Telegram мессенжерининг ҳиссаси катта. Хўш, айни вақтда (айнан Telegram’да) энг кўп обуначига эга блогер ким? Қуйида «Bugun.uz» шу саволга жавоб бериш мақсадида энг кўп обуначига эга блогерлар ўнлиги рейтингини тақдим этади.

Аслини олганда, ижтимоий тармоқларда саҳифаси бор одам блогер ҳисобланади. Лекин уларнинг кўпи ҳам ижтимоий ҳаётда фаол эмас. Шу сабабли ушбу рейтингни ўз блогида ижтимоий масалаларни кўтариб чиққан, ўзининг кўпчиликка ёқадиган фикри билан машҳурликка эришган ва ўз йўналишига эга блогерларга бағишлашга қарор қилдик. Қизиқ тарафи, улар орасида амалдорлар ҳам бор. Майли, гапни чўзиб ўтирмай, рейтингга ўтамиз.

Биринчи ўрин — Хушнудбек Худойбердиев — 384 минг обуначи

Фото: «Газета.uz»

«Xushnudbek.uz» блоги муаллифи бўлган ҳуқуқшунос Хушнудбек Ўзбекистонда энг кўп обуначига эга блогер ҳисобланади. Telegram’нинг расмий «TgStats» статистик маълумотларидаги айнан блог йўналишида ҳуқуқшунос анчадан бери етакчиликни бермай келади. У 2020 йилнинг июлидан бошлаб Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директор ўринбосари ҳисобланади. Унинг Telegram канали яқинда «тасдиқланган» белгисини ҳам олди.

Иккинчи ўрин — «Troll.uz» — 86,7 минг мухлис

Фото: «Troll.uz»

Ўзининг ўткир сарказмлари ва ноодатий чиқишлари билан танилган Умид Ғафуров айнан ушбу блог муаллифи ҳисобаланади. Блогер анчадан буён Ўзбекистондаги университетлар, умуман, таълим соҳасини танқид қилиб келади. Бу бўйича унинг кўп чиқишлари бор. У, бу билан бирга, блогдаги яширин рекламалари ва саёҳатларидан улашиб борадиган видеолари билан ҳам кўпчиликка таниш.

Учинчи ўрин — Муҳаммадали Эшонқулов — 79 минг кузатувчи

Фото: «Kun.uz»

Агар ушбу рейтинг бир йил олдин тузилганида, катта эҳтимол билан бу рейтингга у киритилмаган бўларди. Чунки ҳали омма олдига чиқишни бошалаганига 1 йил ҳам бўлмаган Муҳаммадали қисқа фурсат ичида ўзининг мотивацион видеолари, тренинг ва суҳбатлари билан катта аудиторияни йиға олди.

Тўртинчи ўринни ўзининг 75,7 минглик аудиторияси билан Даврон Файзиев эгаллади. Журналист ва спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев Telegram канал юритишни бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса ҳам, у қисқа фурсат ичида салкам 76 минглик блогга эга бўлди. Айтганча, ушбу муаллифнинг каналига ҳам «тасдиқланган» «тамғаси босилган».

Рейтингимизда Хайрулла Ҳамидов ўзининг 61 минг кишилик блоги билан бешинчи ўринни банд этди. Ундан бир пағона юқорида жойлашган Давроннинг ҳамкасби бўлган Ҳамидов ўзининг футбол таҳлиллари ва унга оид кўрсатувлари билан минглаб кишиларнинг эътиборида бўлиб келмоқда. Ушбу Telegram канал («Xayrulla Hamidov official») кам сонли ихтисослашган блоглардан бири ҳисобланади.

Олтинчи ўриндаги «davletov.uz» 57,7 минг кузатувчига эга

Кадр: «Youtube»

Кўпам ўзини ошкор қилишни хушламайдиган блогер Қобил Хидиров ўзининг Telegram каналида, асосан, иқтисод ҳақида ёзади. У, бундан ташқари, баъзи (инсайд) маълумотларни биринчи бўлиб тарқатиши билан ҳам машҳур.

Еттинчи ўрин — «Rais buva» — 57,1 минг обуначи. Ушбу Telegram канал муаллифи турли ижтимоий масалаларга юмор орқали ёндашади, уларга атаб карикатура ва мемлар эълон қилиб боради.

Саккизинчи ўринда 45,2 минг кишилик «Tentakminds» Telegram канали жойлашган. Дунёни ўзгартиришга қодирликни даъво қилувчи канал муаллифи номаълумлигича қолмоқда. У ҳалигача ошкорликни истамади. Аммо, унинг фикрича, дунёни тентакона фикрлар ўзгартира олади. Баъзида жиддий, баъзида Telegram канал номига мос танқидлар билан чиққан блог кўпчиликни қизиқтириб келмоқда.

Тўққизинчи ўринни 31,8 минг обуначига эга канал муаллифи Саида Мирзиёева эгаллаган

Фото: Саида Мирзиёеванинг Telegram канали

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари ўз блогида, асосан, фаолиятини ёритиб боради. У, бундан ташқари, хотиралар ва турли ҳодисаларга муносабатини айнан Telegam канали орқали бериб боради. 

Сўнгги ўринни 26,4 минг обуначига эга Зафарбек Солижонов якунлаб беради. Ҳуқуқшунос-блогер ўзининг Telegram каналида, асосан, ҳуқиқий маълумотларни бўлишиб боради.

Эътибор берган бўлсангиз, 10 та жойдан иккитаси айнан шарҳловчиларга насиб этди. Бунда уларнинг фаолияти ва халқнинг футболга бўлган қизиқиши катта роль ўйнади. Улар фаолият юритувчи «FutbolTv» телеканали юқорида санаб ўтилган барча блогерларнинг обуначилардан-да кўп аудиторияга эга (694 минг). Шарҳловчиларнинг бу даражага эришишига уларнинг иш жойи канали ҳам катта ёрдам берган.

Ўнликка сиғмай қолган, аммо ўзининг фикрлари билан етарлича мухлис тўплай олган блогерларни ҳам қисқача эслаб ўтишга қарор қилдик. Хусусан, блогер Нурбек Алимовда 24,8 минг обуначи бор. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг «bakiroo» блогини 22,4 минг киши кузатади. Яна бир журналист ва футбол соҳаси амалдори Диёр Имомхўжаев ҳамда русийзабон журналист Никита Макаренконинг Telegram каналида деярли бир хил сондаги аудитория йиғилган — 21,7 минг киши.

Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча!