Янгиликлар - 14:01 · 19.08.2021

«UzAuto Motors» «Spark» автомобилини сотишни тўхтатадими?

«UzAuto Motors»га тегишли UzAvtoSavdo иловасида «Spark» автомашинаси учун контрактация тақдим этиш тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида компания матбуот хизматидан изоҳ олди.

Фото:  «Bugun.uz»

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда мобил илова орқали «Spark» автомобилини сотиш тўхтаб қолгани, сўнгги вақтларда автомобилнинг энг қиммат (автомат каробка) комплектацияси бўлса-да, сотувда бўлгани айтилган. Лекин сўнгги шартномалар ушбу автомобилни ҳам 2022 йилда олиш шарти билан имзоланаётганини ҳамда бугунга келиб ўша автомобиллар ҳам савдода йўқ бўлиб қолгани қайд этилган.

Компания матбуот хизмати хабарига кўра, «Spark» учун шартнома тузиш қайта йўлга қўйилган. Хусусан, UzAutoSavdo мобил иловаси орқали «Chevrolet Spark» автомобили учун яна шартнома тузиш мумкинлиги маълум қилинди.

«Шуни эслатиб ўтамизки, бутун дунё автомобилсозлик саноатида кузатилаётган глобал микрочипларнинг танқислиги сабабли уларнинг етказилиб берилиш муддатида бир оз кечикишлар кузатилиб келинмоқда. Шу сабабли тузилган янги шартномалар бўйича ‘Spark’ автомобилини ўз эгаларига етказиб бериш 2022 йилнинг февраль ойидан бошланади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, компания глобал муаммолар сабаб юзага келаётган ноқулайликларни тўғри тушунганликлари учун ўз мижозларига миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Chevrolet Onix»нинг Ўзбекистондаги нархи маълум қилинганди. Шунингдек, Тожикистонда «UzAuto Motors» заводи очилиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE