Германия собиқ канцлери «Толибон» ҳаракати Афғонистонни босиб олишига кимлар айбдорлигини айтди
Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдер Ғарбнинг Афғонистондаги операцияси натижасини фалокат деб атади ва бунга кимлар айбдор эканини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Шрёдернинг сўзларига кўра, АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги операциясининг бундай натижаси учун бевосита жавобгарлик АҚШнинг тўрт президенти Жорж Буш, Барак Обама, Дональд Трамп ва Жо Байденга юклатилган. Шрёдер кичик Бушнинг асосий хатоси 2003 йилда Ироқда бошланган операция бўлиб, у Америка кучларининг бир қисмини олиб ташлагани ва «Толибон» ҳаракатининг Афғонистонда мустаҳкам ўрнашишига имкон берганини айтган. Барак Обама, ўз навбатида, Афғонистонга бўлган йўналишни бир неча бор ўзгартиргани, бу Америка сиёсати тугашининг бошланишини англатганини қайд этган. Трамп бир томонлама қарорлар қабул қилгани ва «Толибон» ҳаракати билан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида келишиб олганини айтган. Ҳамда Байден келишувга қарамай, АҚШ қўшинларини 2021 йил 11 сентябрдан олдин олиб чиққанини таъкидлаган.
«Бу ‘Толибонʼ ҳаракатига мазкур санадан олдин Кобулни босиб олиш учун берилган ўзига хос таклиф эди. Бу бундесвер (Германия қуролли кучлари) учун ҳеч қандай имконият қолдирмади, у ҳам кетишга мажбур бўлди», — деган сиёсатчи.
Немис сиёсатчисининг фикрича, Кобулдаги вазият ҳозир «америкаликларнинг Сайгондан қочишига» ўхшайди. У Ғарб давлатлари бир-бирларини бундай ҳолат такрорланмаслигига ишонтиришгани, бироқ Афғонистонда содир бўлган воқеа «АҚШ, НАТО, балки Германия сиёсати учун ҳам фалокат» бўлганини маълум қилган. Унинг фикрича, Ғарб давлатларининг амалиёти ижобий натижалар берди, хусусан, афғонларни ўқитиш, тиббий ёрдам. Лекин бу ютуқлар ҳозир хавф остида.
Шунингдек, Шрёдер Германия, Европа ва халқаро ҳамжамиятга «Толибон» билан ишлашни маслаҳат берган. Унинг қайд этишича, Афғонистонга «Толибон»нинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва коррупцияга қарши курашиши шарти билан инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этиши керак. Германиянинг собиқ канцлери, шунингдек, Афғонистоннинг ички барқарорлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди, бу унинг фикрича, «Покистон, Эрон, Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Хитой ва Россиянинг иштирокини» талаб қилади.
«Ғарб ишонч ва таъсирини йўқотди. Шунинг учун биз бу давлатлар билан ишлашимиз керак, гарчи унга қарши нотўғри фикрлар бўлса ҳам», — деб ёзади у.
Шрёдер Европа Иттифоқини қочқинлар оқимининг олдини олиш учун БМТ билан ҳамкорлик қилишга, қўшни Афғонистон давлатларига, шунингдек, Туркияга ёрдам беришга чақирган. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи давлатлари келгусидаги операцияларда буни ҳисобга олишлари керак.
«АҚШнинг ташқи ва хавфсизлик сиёсати ички сиёсий баҳсларнинг натижасидир. Бундан келиб чиқадиган нарсани Ироқ, Сурия ва ҳозир Афғонистондаги можаролар кўрсатади. Америка президентларининг доимий шошқалоқлиги бу мамлакатда барқарор сиёсий тузилмани ўрнатиб бўлмаслигининг муҳим сабабига айланди», — деб айтган Германия собиқ канцлери.
Аввалроқ Байден Афғонистондан кўра кўпроқ хавф туғдираётган давлатларни маълум қилди. Шунингдек, Байден Афғонистон бўйича ўзига қаратилган танқидларга жавоб берганди.