Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг қанчаси қайта ишланаётгани айтилди
Тошкент шаҳрида 20 август, жума куни Миллий матбуот марказида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги матбуот анжуманида Экология қўмитаси мутасаддилари Ўзбекистонда ҳосил бўлаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг қанчаси қайта ишлашга юборилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, республика ҳудудида чиқарилаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 21 фоизи ҳозирда қайта ишланмоқда. 2021 йил якунига қадар янги лойиҳаларни татбиқ қилиш орқали қайта ишлаш даражасини 36 фоизга етказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтга келиб 128 та чиқинди полигонида рекультивация ишлари бажарилган ва фойдаланишда бўлмаган 36 та полигон ёпилиб, майдони ҳокимиятлар ер захирасига топширилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда бир йилда қанча маиший чиқинди ҳосил бўлиши маълум қилинганди ва Сурхондарёда чиқинди сувлар Амударёга оқизилаётгани аниқланганди.
