Янгиликлар - 8:46 · 22.08.2021

«Толибон» ҳаракати Панжшер ҳокимиятига мурожаат юборди

«Толибон» ҳаракатининг сиёсий идораси вакили 21 август куни Россиянинг Кобулдаги элчихонасига ташриф буюриб, Панжшер ҳукуматига сиёсий келишувга эришиш таклифини етказди. Бу ҳақда Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирновга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Дипломатнинг сўзларига кўра, Афғонистонда «Толибон» назорати остида бўлмаган битта вилоят бор ва бу Панжшер ҳисобланади.

«Бугун бизнинг элчихонага ‘Толибонʼ сиёсий идорасининг юқори мартабали вакили ташриф буюрди ва у Россиянинг Афғонистонда турли сиёсий кучлар орасида катта ваколатларга эга эканини билиб, Панжшер халқига сиёсий сигнал етказишимизни сўради», —  деган Жирнов.

Шунингдек, у президент Ашраф Ғанининг Афғонистондан қочиб кетганидан сўнг ўзини давлат раҳбари деб эълон қилган биринчи вице-президент Амрулла Солиҳнинг Панжшерга кўчиб ўтганини эслаган. Мазкур вилоятда Панжшер ҳокими Аҳмад Масъуд ҳам бор, у Ғарб давлатларини қаршилик жангчиларига қурол билан ёрдам беришга чақирган.

«Улар Россиядан Панжшер раҳбарларига қуйидагиларни етказишни сўради: Ҳозирча ‘Толибон’ Панжшерга зўрлик билан киришга бир марта ҳам урингани йўқ, ҳаракат вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга умид қилмоқда, жумладан, сиёсий келишувга эришиш орқали. Ҳаракат мулоқот ўрнатиш кайфиятида бўлиб, қон тўкилишини хоҳламайди. Ҳамда вазиятни аввалги биринчи вице-президент Солиҳ қилмоқчи бўлганидан кўра мукаммалроқ тарзда ҳал қилмоқчи», — дея хулоса қилган Россия элчиси.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатига қарши курашаётган Панжшер ҳокими Ғарб давлатларидан ёрдам сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Маршал Дўстумнинг ўғли «Толибон» ҳаракатига қаршилик кўрсатаётган Панжшер вилоятига келгани маълум қилинган.