Ўзбекистон Президенти сайловларида «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида қатнашаётган Алишер Қодировга овоз бериш учун мактаб ўқитувчиларидан мажбурий имзо йиғдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Депутат бу бўйича Telegram каналида изоҳ қолдирди.

Фото: «Миллий тикланиш» партияси ахборот хизмати

Унинг таъкидлашича, президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги керак.

Фото: Telegram / @Zafarbek_Solijonov

«Сизнинг имзонгиз ҳуқуқингиздир. Сизни мажбурлашларига йўл қўйманг. Юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланади ва тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади. Имзо йиғиш жараёнида партиямиз фаоллари томонидан босимга учрасангиз, маълумотларни @alisherqodirov_bot манзилига маълум қилинг», — деб ёзди Қодиров.

Фото: Telegram / @Zafarbek_Solijonov

Шунингдек, Қодиров халққа хизмат қилиш йўлида самимий ва фидойи тарафдорларга таянишини, очиқ ҳамда шаффоф рақобат тарафдори эканини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Қодиров ҳукуматга эмланмаганларнинг эркини чеклашни таклиф қилгани хабар берилганди. Шунингдек, «Миллий тикланиш» партияси раиси президент сайловидаги мақсади ҳақида гапиргани ва Алишер Қодиров кодексга ўзгартириш киритиш бўйича таклиф бергани маълум қилинган.