Янгиликлар - 22:26 · 23.08.2021

Дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлар рейтинги эълон қилинди

Пандемия бошланганидан бери биринчи марта дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлар рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда «The Economist» нашрига таяниб, «Forbes Россия» хабар берди.

Фото: «Eurobike Cycling Holidays»

Маълум бўлишича, таҳлилчилар томонидан тузилган дунёнинг энг хавфсиз 60 шаҳри рейтингида Копенгаген биринчи ўринни эгаллаган. Рейтинг 2015 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта эълон қилинади ва шу пайтгача Токио ҳар сафар унинг етакчисига айланиб келган.

Рейтинг тузилаётганда таҳлилчилар шаҳарларни рақамли маълумотларни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, шахсий ва экологик хавфсизлик каби бешта тоифадаги 76 кўрсаткич бўйича ажратиб чиққан. Копенгаген омиллар комбинацияси бўйича 100 баллдан 82,4 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган. Ундан кейинги ўринларда Торонто (82,2) ва Cингапур (80,7) қайд этилган.

Биринчи ўнликка Сидней, Токио, Амстердам, Веллингтон, Гонконг, Мельбурн ва Стокгольм шаҳарлари ҳам кирган. Москва рейтингга Россиянинг ягона шаҳри бўлиб кирган ва 62,5 балл тўплаб, 38-ўринни эгаллаган.

Аввалроқ дунёда нотинчликлар даврида яшаш учун энг яхши жой қаерлиги маълум бўлганди. Шунингдек, дунёдаги 2021 йилда яшаш учун энг яхши шаҳар аниқланган.