АОКАда 23 июль куни ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева «Спутник V» вакцинасининг 2-дозасини олиш нима учун кечикаётганига изоҳ берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Мутахассиснинг сўзларига кўра, «Спутник V» вакцинасида вақтинчалик узилиш ҳолати келиб чиққани тўғри. Бу жараён яқин кунларда ечимини топади ва кейинги дозаси белгиланган шартнома асосида етиб келади.

«Бу ҳолат олдиндан кўра билмаслик ёки назорат қила олмаслик эмас. Бу вакцина ишлаб чиқариш қуввати билан боғлиқдир, яъни шартнома асосида барча давлатларга тақсимот тенг бўлишини таъминлаш ва ишлаб чиқаришда узилиш бўлгани боис вакцинанинг бизга келишида узилиш ҳолати кузатилди. Бу жараён яқин кунларда ечимини топади. Албатта, бу вакцинанинг кейинги дозаси белгиланган шартнома асосида давлатимизга кириб келади», — деди Севара Убайдуллаева.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзосининг айтишича, бугунги кунда кўпгина давлатларга Россия келишув асосида бу давлатлар ўз ахолиси учун «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқаришини йўлга қўйишига ёрдамлашмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу жараён бошланиб кетган.

«Вакцинанинг 2-босқичини олувчилар эътибори учун, биринчи компонент ва иккинчи компонент орасида 90 кунгача оралиқ масофа бўлиши меъёр даражада ҳисобланади, албатта, ‘Спутник V’ вакцинаси яқин кунларда давлатимизга келтирилиб, бу давргача аҳолимиз кутишига эхтиёж қолмайди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасининг иккинчи компоненти қолмагани маълум бўлганди. Кейинчалик ушбу вакцинанинг 90 минг дозалик 2-компоненти келтирилиши ҳақида хабар берилганди

Шунингдек, Тошкент вилоятида 10 млн дозагача «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарилиши маълум қилинганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати икки вакцинани давлат рўйхатидан ўтказишга розилик берганди.