Афғонистонда аҳолини эвакуация қилишга мўлжалланган Украина самолёти ўғирланди
Афғонистонда номаълум шахслар Украина фуқароларини эвакуация қилиш учун мўлжалланган самолётни олиб қочиб, Эронга йўл олди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Енинга асосланиб, «РБК» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, ўғрилик билан боғлиқ воқеа ўтган ҳафта содир бўлган, самолёт Кобулдан Эронга қараб учган. Юз берган ушбу ҳолат сабаб Украина фуқароларини эвакуация қилиш ҳозирча тўхтатилган.
«Ўтган ҳафта биздан самолёт ўғирлаб кетилди. У украиналикларни олиб кетиш ўрнига, номаълум йўловчилар гуруҳи билан Эронга учиб кетди. Фуқароларни эвакуация қилиш бўйича кейинги учта уринишимиз ҳам муваффақиятсиз тугади, чунки йўловчилар аэропортга кира олмади», — дея очиқлаган Енин.
Қайд этилишича, самолётнинг ўғирланишига кимлар айбдор экани ҳозирча аниқланмаган.
Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дмитрий Кулеба берган маълумотларга кўра, Афғонистонда айни пайтда 50 га яқин Украина фуқароси бор.
Аввалроқ Германия собиқ канцлери «Толибон» ҳаракати Афғонистонни босиб олишига кимлар айбдорлигини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатини қайси давлатлар қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинганди.