Германиядаги университетлардан бирида 7 киши номаълум моддадан заҳарланди
Германия ғарбида 7 киши заҳарланиш аломатлари билан тез ёрдамга мурожаат қилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, «Daily Mail» хабар берди.

Маълум қилинишича, номаълум кимёвий модда излари Дартмштадт техника университети ҳудудида жойлашган (Гессен федерал ери) бинолардан биридаги сув идишлари ва сут қадоқларидан топилган. Жабрланганлардан бири — 30 ёшли талабанинг аҳволи оғир бўлиб, аниқланган заҳарли моддани таҳлил қилиш ишлари давом этмоқда.
«Дармштадт прокуратураси қотилликка уриниш бўйича тергов бошлади», — дея очиқлаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими. Қайд этилишича, полиция талабаларга фақат ўзлари билан олиб келган таомларни ейишни тавсия қилган. Полициянинг фикрича, оммавий заҳарланишга сабаб бўлган модда ичимлик идишлари ичида бўлган. Бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Аввалроқ Афғонистонда 300 киши заҳарлангани хабар берилганди. Шунингдек, Тожикистонда 14 нафар маҳбус нондан заҳарланиб вафот этгани маълум қилинган ҳамда Қирғизистонда тўйга таклиф қилинганларнинг 174 нафари овқатдан заҳарлангани айтилган.