Молия вазирлигининг функция ва вазифалари кенгайтирилди
Президент 21 август куни «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужжат Президентнинг 13 апрелдаги «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 17 мартдаги «Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 13 апрелдаги «Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ қабул қилинган.
Биринчидан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг тугатилгани ва Молия вазирлигига унинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари ўтказилгани муносабати билан бир қатор ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги фармонга, «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга ва Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул давлат органлари рўйхатига ўзгартиришлар киритилган.
Иккинчидан, Молия вазирлиги ва унинг бўлинмаларининг устувор вазифалари ва йўналишлари рўйхати тўлдирилган. Хусусан, «Молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга ва Молия вазирлиги тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, бошқалар қаторида, вазирлик ва унинг бўлинмалари қимматли қоғозлар бозори, букмекерлик ва лотереяларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантиришни амалга оширади. Шунингдек, вазирликнинг қимматли қоғозлар бозори соҳасида функциялари белгиланган.
Учинчидан, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртини Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан тақсимланган ҳажмлардан ортиқча ҳажмда харид қилган тақдирда, агентликни хабардор қилиш тартиби чиқариб ташланган.
Шунингдек, шу каби ўзгартиришлар ва қўшимчалар:
- Ўзбекистонни 2030 йилгача инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига;
- Президентнинг 2020 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги фармонига;
- Президентнинг 2006 йил 7 ноябрдаги «Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва бошқаларга киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда аудиторлар тизимини такомиллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилингани ва Молия вазирлигига ички йўлларни таъмирлаш учун қанча таклиф келиб тушгани хабар қилинган.