Янгиликлар - 20:35 · 24.08.2021

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҚҚС билан боғлиқ мажбуриятлари юмшатилди

Шавкат Мирзиёев 24 август куни «Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, Президентнинг 20 август кунги тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида билдирилган таклифларга биноан, солиқ тўловчиларга мажбуриятларини бажариши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар ва хизматлар бўйича тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъий назар ҳиcобга олиш тартиби ўрнатилади.

Таъкидланишича, товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаса, қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

Қайд этилишича, 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини қоплаш учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади ва солиқ тўловчига тегишли давр учун ҳисоботни топширишда солиқ органларини хабардор этган ҳолда қўшилган қиймат солиғи салбий суммасини қоплаш талабини билдириш ҳуқуқи берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент четдан олиб келинган товарлар учун ҚҚС тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмаслиги айтганди. Шунингдек, Солиқ қўмитаси раиси ҚҚС можароси бўйича савол берган журналистни «ҳайп» қилишда айблагани ва Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари учун айрим солиқ ставкалари белгилангани маълум қилинган.

Bugun — LIVE