Қамчиқда иккита юк машинаси тўқнашиб, ҳайдовчилардан бири салонда қисилиб қолди — видео
Қамчиқ довонида 23 август куни икки юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 17:00 да «Isuzu» юк машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, «MAN» юк машинасига бориб урилган. Оқибатда «Isuzu» ҳайдовчиси машина салонида қисилиб қолган.
Қайд этилишича, бир неча дақиқада воқеа жойига ФВВ «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарув отряди қутқарувчилари етиб борган. Улар махсус техникалар ёрдамида ҳайдовчини автомобиль салонидан хавфсиз тарзда чиқариб олиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган ва шифокорларга топширган. Таъкидланишича, айни вақтда ҳайдовчи Поп тумани шифохонасида, унинг соғлиғи яхши. Тез орада ҳайдовчига уйга рухсат берилади.
Аввалроқ Қамчиқ довонида «Nexia» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, чуқурга тушиб кетгани ва пахта ортилган юк машинаси ёниб кетгани хабар қилинган.