Россияда ўзбекистонлик эркак оммавий муштлашув оқибатида касалхонага ётқизилди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Красносельский туманида оммавий муштлашув натижасида ўзбекистонлик эркак жароҳат олди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Маълум бўлишича, 22 август куни полицияга Красносельский шоссесида 25 киши жанжаллашаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволда кўкрак қафаси жароҳати билан касалхонага олиб кетилган. Айтилишича, полиция воқеада иштирок этган 14 кишини қўлга олган.
Улар орасида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бор. Уларга нисбатан Россияда бўлиш қоидаларини бузиш тўғрисида маъмурий протокол тузилган. Қўлга олинганларнинг кўпчилиги сўроқ қилинганидан кейин қўйиб юборилган.
Бундан ташқари, воқеа оқибатида безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш бўйича жиноят иши ҳам қўзғатилган. Бу ишни тергов қилиш доирасида, Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси, шунингдек, бир нафар маҳаллий ишсиз фуқаро ҳам қўлга олинган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик 4 нафар мигрант қўлга олинганди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик аёл бошчилигидаги экстрасенслар гуруҳи ушланган.