Шавкат Мирзиёев Экология қўмитасини танқид қилди
Шавкат Мирзиёев 24 август куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, видеоселекторда Президент соҳадаги муаммоларни кўрсатиб ўтган ва Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётганини танқид қилган.
Қайд этилишича, 2017–2021 йилларда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келган. Ерусти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатган.
Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан фақат 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент амалдорлар фаолиятини танқид қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент Самарқанд ва Андижон мисолида коррупцияга қарши курашиш сустлиги учун мутасаддиларни танқид қилгани ва Шавкат Мирзиёев айрим тиктокерларнинг номаъқул ҳаракатига салбий баҳо бергани маълум қилинган.