«Толибон» ҳаракати Панжшер билан боғлиқ масалада қайси давлат ёрдам бера олишини айтди
«Толибон» ҳаракати Россиянинг таъсири Афғонистон шимолидаги Панжшер вилоятидаги вазиятни тузатиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Айтилишича, бу бўйича «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси вакили Суҳайил Шоҳин гапирган. Унга ҳаракат Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирновдан Россиянинг қаршилик кучлари билан музокараларга воситачилик қилишини сўраганми, деб савол беришган. «Ўйлайманки, бу Россия таъсири ёрдамида муҳокама қилинади. Бу — маъқул», — деган Шоҳин саволга жавоб бериб.
Шоҳиннинг сўзларига кўра, Россия томони Афғонистонда тинчлик ва ярашув ишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. У Россиянинг роли ҳар доим ижобий қабул қилинганини таъкидлаган. Август ойида «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги ҳукумат кучларига қарши ҳужумини кучайтирди. Ҳаракат айни вақтда фақат Панжшер вилоятини назоратига ололмаган.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили «Толибон» ҳаракатини террористлар рўйхатидан чиқариш шартини айтган. Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Кобул эгалланишига муносабат билдирган.