Тошкент шаҳри Сергели туманидаги заводлардан бирида 1,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, дунёнинг турли минтақаларига Ўзбекистон ҳудуди орқали гиёҳванд воситалари экспорт қилинган. Таҳлилларга кўра, 2020 йилда 224 минг гектар майдонларда 6,3 минг тонна опий етиштирилган.

Шунингдек, мамлакатда 2020 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 та жиноят фош этилган. Қайд этилишича, 1 тонна 542,6 килограмм наркотик модда мусодара қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 28,5 фоизга кўпайган. Таъкидланишича, 1 йилда 28,4 килограмм героин, 124,1 килограмм опий, 127,3 килограмм гашиш мойи, 323,9 килограмм кўкнор, 692,8 килограмм марихуана, 223,9 килограмм гашиш ва бошқа наркотик моддалар ушлаб қолинган.

Аввалроқ Андижонда 650 миллион сўмлик яроқсиз дори воситалари йўқ қилингани хабар қилинган.