Тошкентда эркак Миллий гвардия ходимига шиша бўлаги билан жароҳат етказди — видео
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида эркак Миллий гвардия ходимини шиша бўлаги билан жароҳатлади. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Т.А. исмли эркак умумий овқатланиш жойида аёли билан ўтирган пайтда орада жанжал юзага келган ва эркак аёлини ҳақорат қилиб, урган ва тепиб, жароҳат етказган. Ундан қочиб ташқарига чиққан хотини воқеани ИИБ ходимига айтиб, шикоят қилган. Ходим фуқарони тартибга чақириш мақсадида келганида эркак унга шиша бўлаги билан жароҳат етказишга уриниб, ҳақорат қилган. Шу атрофда хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ҳолатнинг гувоҳи бўлган ва уларни ажратиш мақсадида борганида эркак унинг юз қисмига синган шиша бўлаги билан урган.
Қайд этилишича, тартиббузар фуқаро ёрдам кучлари келгач, бўйсундирилиб, қамоққа олинган. Тергов пайтида эркак ҳолат юз берганда маст аҳволда бўлганини айтган.
Таъкидланишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит ИИБ ходимини пичоқлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Жиззахда ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб, «погон»ини ечиб олгани ва Сурхондарёда бир гуруҳ йигитлар 2 нафар ИИБ ходимини ургани маълум қилинган.