Туркманистонда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлди
Туркманистоннинг Ғарбий Копеттоғ тизмаларида 10 кун ичида 9,6 гектар майдон ёниб кетди. Бу ҳақда «Метеожурнал» хабар берди.

Маълум қилинишича, бу ҳудудда иккита катта ёнғин содир бўлган. Хусусан, 11–13 август кунлари Ғарбий Копеттоғ тизмаларининг денгиз сатҳидан 700–1570 метр баландлик қисмида 6500 гектар майдондаги ўрмонда ёнғин кузатилган. 19–20 август кунлари эса Копеттоғнинг жанубий қисмидаги Монжиқли тоғида ҳам 3100 гектар майдонда ёнғин вужудга келган.
Қайд этилишича, бу ҳудудда аҳоли пунктлари йўқ. Аммо бу ер катта табиий қийматга эга, чунки ҳудудда «Қизил китоб»га киритилган кўп сонли ўсимликлар ўсади ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларнинг кўп турлари яшайди. «Метеожурнал» мутахассислари ёнғинлар одамларнинг айби туфайли содир бўлган деб ҳисобламоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Туркманистонда кучли қурғоқчилик кузатилмоқда. Шунингдек, 2021 йил Ашхободда 1891 йилдан бери рекорд даражадаги энг қурғоқ йил бўлиши мумкин.
Аввалроқ Грециядаги ўрмон ёнғинлари назоратдан чиққани маълум қилинганди. Шунингдек, Туркиядаги ўрмон ёнғинлари иссиқлик электр станциясига етиб келгани маълум бўлган.