Афғонистон вице-президенти ҳукумат қулашининг сабабларини маълум қилди
Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ Ашраф Ғани ҳукуматининг қулашига нималар сабаб бўлганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг Кобулга босими, Қатардаги афғонлараро музокараларда «Толибон»ни амалда тан олиш ва Афғонистон ҳукуматида долзарб маълумотларнинг йўқлиги ҳукумат қулашига сабаб бўлган.
«‘Толибон’га ҳеч қачон босим ўтказилмагани аниқ. Ҳаракат Покистондан қўллаб-қувватлаш базаси сифатида фойдаланди. Хавфсиз бошпана сифатида эмас, балки бутун Покистон ‘Толибонʼ ҳаракатига хизмат қилди. АҚШ уни сотиб олиш учун Покистон ҳамкорлигини рағбатлантиришга ҳаракат қилди. Улар қанча кўп пул тўласа, шунча покистонликни ‘Толибон‘га кўпроқ хизмат ва ёрдам кўрсатишга ундади, шунинг учун Афғонистондаги Ғарб иттифоқчиларига қарши терроризм ва исёнчиларни қўллаб-қувватлайдиган ядровий давлат масаласи ҳеч қачон кўриб чиқилмаган», — деган у.
Солиҳ, шунингдек, Доҳадаги афғонлараро музокаралар, аслида, «ўз сўзларига содиқ қолмаган ‘Толибон’ни қонунийлаштирган»ини таъкидлаган.
«Учинчи сабаб — сўнгги икки йил ичида Афғонистон бизнинг америкалик иттифоқчиларимиз томонидан катта босимга учради. Улар бизга «шантаж» қилди ва ё маҳбусларни қўйиб юборишимизни, ёки улар Афғонистонга ёрдамни, шу жумладан, ҳарбий ёрдамни камайтиришини айтди. Биз бу одамлар олдинги сафларда бўлмаслигига аминмисиз, деб сўрадик. Уларнинг жавоблари йўқ эди, лекин уларнинг ҳаммаси олдинги сафларда бўлди. Шундай қилиб, бу маҳбусларни озод қилиш эмас, балки ‘Толибон’га ўта радикаллашган жангарилар бўлинмасини тақдим этиш эди», — дея қўшимча қилди Афғонистон вице-президенти.
У, шунингдек, Афғонистон ҳукуматида «вазият ҳақида билмаган ва ҳамма нарсани оддий қабул қилган одамлар борлигини» таъкидлаган.
«Бироқ биз бу тўрт сабаб билан чегараланиб қололмаймиз, чунки бу фожиани келтириб чиқарган бошқа муаммолар ҳам бор. Хулоса шуки, НАТО энди йўқ, АҚШ ҳарбийлари кетди, лекин афғон халқи кетмади, уларни эвакуация қилиб бўлмайди. Кобул аэропорти — бу айсбергнинг учи. Мамлакат фожиа остида қолди ва террорчи гуруҳлар Афғонистонга бостириб кирди», — деган Солиҳ.
Аввалроқ Афғонистон вице-президенти «Толибон» ҳаракатини қариялар ва болаларни ўғирлашда айблаганди. Шунингдек, Афғонистон вице-президенти ўзини вақтинчалик давлат раҳбари деб эълон қилганди.