Аҳмад Масъуд нима учун «Толибон» ҳаракати ҳукмронлигини қабул қилмаслигини айтди
Афғонистондаги қаршилик кучлари раҳбари Аҳмад Масъуд нима учун «Толибон» ҳаракати ҳукмронлигини қабул қилолмаслигини айтди. Бу ҳақда у «РБК» нашрига берган интервьюсида маълумот берган.

Маълум бўлишича, ундан нима учун «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳукумат сифатида қабул қилинмаслиги сўралган.
«Биз Афғонистонни на минтақавий кучлар, на бошқа давлатлар тан олмайдиган давлатга эга бўлишни хоҳламаймиз. Биз Афғонистонда ва ундан ташқарида бир-биримиз билан тинч-тотув яшашимизга тўсқинлик қиладиган ҳукуматни хоҳламаймиз. Бизда қаршилик кўрсатишга ва салбий сценарийни амалга оширишга йўл қўймасликка куч берадиган кўплаб саволлар ва хавотирлар мавжуд. Афсуски, ‘Толибон’ ҳаракати ўз ишлари билан аллақачон инклюзивлик, бағрикенглик, инсон ва аёл ҳуқуқлари, демократик қадриятларга эга эмаслигини кўрсатди. Халқаро ҳамжамият учун ҳукуматни тан олишлари муҳим бўлган нарса. Биз алоҳида яшашни хоҳламаймиз. Минтақа ва дунё билан яхши муносабатлар ўрнатолмайдиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз. Бундан ташқари, биз ўз халқининг ҳуқуқларини эътиборсиз қолдирадиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз», — деган у саволга жавоб бериб.
Аввалроқ Аҳмад Масъуд Афғонистон ҳукуматининг тез қулаши билан боғлиқ 4 сабабни очиқлаганди. Шунингдек, у Панжшердаги вазият бўйича маълумот берган.