Тошкентда 25 август куни Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Сенат раиси Танзила Норбоева гендер тенгликка эришиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берган. Хусусан, Сенат қарори билан 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси ва унинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолияти ташкил этилиб, унинг низоми ва Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланган.

Қайд этилишича, Президентнинг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, 197 та марказни оптималлаштириш ҳисобига 29 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларини намунавий ҳолатга келтириш ишлари олиб борилган. 2021 йил бошидан буён 750 нафар шахс (399 нафари аёллар ва уларнинг 351 нафари вояга етмаган фарзандлари) реабилитация қилинган.

«‘Аёллар дафтари’га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 68 281 нафар хотин-қизга 837 миллиард 931 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бандлиги таъминланди. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ҳудудларда тор соҳа шифокорларини жалб қилган ҳолда 5818 та тиббий бригада ташкил этилиб, улар ёрдамида 43 779 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди», — деган Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқот форумига раислик қилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев тадбиркор ёшлар ва аёллар сафи кенгайиб бораётганини айтгани ва Ўзбекистонда ёшлар ва хотин-қизларга 33 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилиши маълум қилинган.