Эрдўғон дунё мусулмонларига мурожаат қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мусулмонларни бутун инсоният тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланишини ўз мажбуриятига олишга чақирди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Маълум қилинишича, Эрдўғон мазкур хабарни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ёшлар форумининг 4-Бош ассамблеяси иштирокчиларига видеомурожаат тарзида йўллаган.
«Мусулмонлар ўз тинчлиги ҳамда бутун инсониятнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга мажбур бўлишлари керак бўлган вақт келди. Мусулмонлар ўзлари гувоҳ бўлган адолатсизликка қарши гапириш вақти келди», — дея Эрдўғон инсоният ўз тарихининг энг нотинч даврларини бошидан кечираётганига эътибор қаратган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, дунёда юз бераётган террорчилик ҳаракатлари ва эпидемиялар тинч муҳитга тўлиқ эришишга имкон бермаяпти.
«Афсуски, бутун инсониятга таҳдид солаётган бу муаммолар ислом географиясида энг чуқур из қолдирди. Суриядан Афғонистонгача бўлган кенг географияда жанжаллар, миграция, қашшоқлик ва касалликларга дуч келган мусулмонлар айни пайтда Ғарбда исломофобия кучайиб бораётгани билан ҳам курашмоқда. Бу адолатсизлик давом этмайди. Ҳеч биримиз ташқаридан нима бўлаётганини индамай кузатишимиз мумкин эмас», — деган у.
Шунингдек, бу курашда масъулият ҳар кимнинг зиммасига тушиши, айниқса, келажак кафолати бўлган мусулмон ёшлар зиммасида эканини айтган.
«Биз низоларни эмас, балки иттифоқларни, адоватни эмас, муҳаббатни мустаҳкамлашимиз керак», — дея Туркия президенти терроризм ва зўравонликка қарши курашда ҳеч қандай муросага бормасликка ва ҳеч қачон қонунийликдан четга чиқмасликка чақирган.
Аввалроқ Эрдўғон Афғонистонда қандай ҳукумат тузиш кераклигини айтганди. Шунингдек, Эрдўғон «Толибон» ҳаракати билан ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилганди.