Навоийда 2,5 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилганлар ушланди
Навоий вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти захираси учун ажратилган кредит маблағини талон-торож қилган масъулияти чекланган жамият мансабдорлари ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси терговга қадар текширув ўтказган. Унда «Н.» МЧЖ мансабдор шахслари банкдан ажратилган кредит ҳисобига харид қилинган 1000 тонна картошка ва 380 тонна пиёз савдосидан тушган маблағни кредит қарздорлигини тўлашга йўналтирмагани аниқланган.
Қайд этилишича, улар жами 2,5 миллиард сўмни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган ва маҳсулотлар яроқсиз ҳолга келиб қолганини баҳона қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти захираси учун ажратилган кредит маблағини талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда 7 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи талон-торож қилингани ва Бухорода собиқ мансабдор 2 миллион доллар кредит маблағини ўзлаштиргани хабар қилинган.