17:54 | 25.08.21 80

Олий судда қатағон қурбони бўлган 100 дан ортиқ шахс оқланди

Улар мустабид совет тузуми давридан ҳозирга қадар оқланмаган

Олий судда 25 август, чоршанба куни совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирга қадар оқланмаган 100 дан ортиқ шахсга оид жиноят ишлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган жами 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар шахсга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлислари ўтказилган. Хусусан, Олий суд апелляция инстанцияси Носирхон Тўраев ва бошқа шахсларга нисбатан ишни кўриб чиққан ҳамда 1930 йил 27 октябрдаги суд процессида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланиб, чиқарилган ҳукм бекор қилинган.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, судланувчилар айбсиз деб топилган. Бундан ташқари, 1938 йил 15 октябрдаги журналист Ладиф Даминовнинг суд ҳукми ҳам бекор қилинган ва у оқланган. Бундан ташқари, Ибрагим Чакабаев ва  16 нафар шахс, Осман Теригулов, Гафур Султанов, Кивам Кирамовлар ҳам Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда «16 февраль воқеалари»га алоқадорликда айбланган 5 эркак оқлангани ҳақида хабар берилганди.