Тошкентда 24 август, сешанба куни Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмита мажлиси ўтказилди. Унда Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови неча фоизни ташкил этиши айтилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2017 йилда республика бўйича жами 5211 та мактабгача таълим ташкилотига 708 247 нафар бола (3–7 ёшдаги болаларнинг 27,7 фоизи) қамраб олинган. Таъкидланишича, 2021 йилга келиб 18 254 та мактабгача таълим ташкилотига 1 699 566 нафар бола (60,9 фоиз) қамраб олинган.

Қайд этилишича, мактабгача таълим соҳасини такомиллаштириш мақсадида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хорижий тажриба кенг ўрганилмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар билан мактабгача таълим тизимида таълим сифатини ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликда қатор ишлар бошланган.

Шунингдек, ЮНИСЕФ, КОIСА, Жаҳон банки, JICА, ЮНЕСКО билан биргаликда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар устида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2 мингта оилавий нодавлат боғча фаолияти йўлга қўйилиши ва Ўзбекистонда қанча хусусий боғча битим мажбуриятини бажармагани очиқланганди.