Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов миқдори ўзгартирилди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Huquqiy axborot» каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, уй-жой олиш ёки якка тартибдаги уй-жой учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби бўйича 2020 йилдаги субсидиялар тўлашнинг мақсадли мўлжаллари доирасида субсидияларни тўлаш муддати 1 декабргача узайтирилди. Шунингдек, бу тартиб илгари 1 июлгача бўлгани айтилган.
Ушбу тартиб доирасида уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадал квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдор этиб белгиланди. Илгари бу шаҳарларда камида 20 фоиз, қишлоқларда камида 10 фоиз бўлган.
Мазкур тартибга кўра, даромади юқори бўлмаган оила сифатида қишлоқларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан 6,9 бараваригача, шаҳарларда эса 3 бараваридан 8 бараваригача этиб белгиланди. Олдин бу 3,8 дан 5,8 бараваригача ҳамда 4 дан 6,5 бараваригача эди.
Аввалроқ Ўзбекистонда етим болаларга уй-жой ажратишнинг янги тизими жорий этилиши хабар қилинган. Шунингдек, Марказий банк илк марта уй-жой нархи ва тенденциялари мониторинг натижаларини эълон қилган.