Президент инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги қарорни имзолади
Шавкат Мирзиёев томонидан «Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, 1 октябрдан бошлаб маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорлар қиймати 200 миллиард сўм миқдоридан ошадиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан давлат томонидан таъминланиши ҳамда қуйидагилар уларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланмоқда:
- кириш автомобиль йўллари ҳамда ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича 90 фоизи — республика ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ва 10 фоизи — Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари;
- электр энергияси ва газ тармоғини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича — республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъминотчи корхоналарга 5 фоиз ставкада уч йил муддатда қайтариш шарти билан ажратиладиган бюджет ссудаси маблағлари;
- алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича таъминотчи корхоналар ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари.
Таъкидланишича, қиймати 200 миллиард сўм миқдоридан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида бюджет маблағлари — электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖларга, табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларга ажратилади. Мазкур қарор техник-иқтисодий асосларига кўра инвесторларнинг ўз маблағлари ҳисобидан муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ўзини оқламайдиган инвестиция лойиҳаларига татбиқ этилади.
Аввалроқ Президент қарори билан Ўзбекистонда умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун айрим солиқлар бекор қилиниши хабар қилинган. Шунингдек, Президент қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунни имзолагани маълум қилинган.