Сурхондарёда фермер хўжалиги ерини 67 млн сўмга сотаётган шахс ушланди
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида фуқарога томорқа ер олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармалари туманда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро А.Ҳ. «Н.» фермер хўжалигига қарашли 27 сотих ерни бошқа бир фуқарога томорқа сифатида сотмоқчи бўлгани аниқланган.
Таъкидланишича, у қишлоқ хўжалиги йўналишида фойдаланиладиган ер учун олдиндан 67 миллион сўмни олган вақтида ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда фермер хўжалиги ерини 40,5 минг долларга сотмоқчи бўлган эркак ушлангани ва Бухорода боғдорчилик ширкати ерини 20 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган.