«Толибон» ҳаракати инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги айбловларга жавоб қайтарди
«Толибон» ҳаракати «Катта еттилик» (G7) раҳбарларининг Афғонистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш зарурлиги ҳақидаги баёнотини танқид қилди. Бу ҳақда ҳаракатнинг сиёсий бюроси матбуот котиби Муҳаммад Наимга таяниб, «ТАCC» хабар берди.

Наимнинг сўзларига кўра, Ғарб давлатларининг бундай огоҳлантиришлари «Толибон» ҳаракати учун янгилик эмас.
«Биз 20 йилдан ошиқ Ғарб оммавий ахборот воситаларининг нишони бўлдик ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги хабарлар қандай тайёрланишини яхши биламиз», — деган у.
Шунингдек, «Толибон» ўзига нисбатан ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан айтилган айбловларни «бўш ва асоссиз» деб атаган. Ҳамда ҳаракатнинг аҳолини қатл қилиши ҳақида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.
Маълумот учун, G7 мамлакатлари 24 август, сешанба кунги фавқулодда виртуал саммитидан сўнг бўлажак Афғонистон ҳукуматини халқаро мажбуриятларга риоя қилишга, терроризмга қарши курашишга ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган. Баёнотда «Толибон» зиммасига «терроризмнинг олдини олиш, аёллар, қизлар ва озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва Афғонистонда инклюзив сиёсий ечим топишга ҳаракат қилиш» вазифаси юкланган.
Аввалроқ «Катта еттилик» давлатлари «Толибон» ҳаракатига шарт қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистон вице-президенти «Толибон» ҳаракатини қариялар ва болаларни ўғирлашда айблагани маълум қилинган.