«Толибон» ҳаракати Панжшер вилоятига кира олмади
«Толибон» ҳаракатига бўйсунмаган Афғонистон шимолида жойлашган Панжшер вилоятидаги вазият тинч экани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят манбаларига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати бўлинмалари ҳозиргача Панжшернинг чегараларини кесиб ўтмаган.
«‘Толибон’ Панжшерга олдин ҳам, ҳозир ҳам кира олмаган. Уларнинг вилоят чегарасини кесиб ўтгани ҳақидаги барча хабарлар ёлғон. Вилоятда вазият барқарор», дейилган хабарда.
Аввалроқ, Афғонистоннинг бир нечта оммавий ахборот воситалари «Толибон» ҳаракати Париян вилоятининг Панжшер шаҳрига вилоятнинг шимолий-ғарбий кириш йўлидан ўтишга муваффақ бўлганини айтган. Таъкидланишича, толиблар Панжшердаги қаршилик ҳаракати бошлиғи, вилоят ҳокими Аҳмад Масъуд билан тинчлик тўғрисида келишувга эриша олмаган.
«‘Толибонʼ сиёсий идораси аъзоси Анас Ҳаққоний бу ерга тинчлик музокараларини олиб бориш ниятида келган, аммо Аҳмад Масъуд ҳаракат таклифларини рад этган», дейилган манбада.
Аввалроқ Панжшердаги қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати билан музокара ўтказаётгани айтилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Панжшер билан боғлиқ масалада қайси давлат ёрдам бера олишини маълум қилганди.